2020 йил – Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили

2020 йил – Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили, деб эълон қилинди

 

“Шарқ донишмандлари айтганидек,

“Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм,

Энг катта мерос – бу яхши тарбия,

Энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир!”

Шу сабабли, ҳаммамиз учун замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш, узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак.

Тараққиётга эришиш учун, рақамли билимлар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур ва шарт.

Бу бизга юксалишнинг энг қисқа йўлидан бориш имкониятини беради. Зеро, бугун дунёда барча соҳаларга ахборот технологиялари чуқур кириб бормоқда.

Юртимиз “Халқаро ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш индекси” бўйича 2019 йилда 8 поғонага кўтарилган бўлса-да, ҳали жудаям орқадамиз.

Аксарият вазирлик ва идоралар, корхоналар рақамли технологиялардан мутлақо йироқ, десак, бу ҳам ҳақиқат.

Албатта, “рақамли иқтисодиёт”ни шакллантириш керакли инфратузилма, кўп маблағ ва меҳнат ресурсларини талаб этишини жуда яхши биламиз.

Бироқ, қанчалик қийин бўлмасин, бу ишга бугун киришмасак, қачон киришамиз?! Эртага жуда кеч бўлади.

Шу боис, “Рақамли иқтисодиёт”га фаол ўтиш – келгуси 5 йилдаги энг устувор вазифаларимиздан бири бўлади.

Рақамли технологиялар нафақат маҳсулот ва хизматлар сифатини оширади, ортиқча харажатларни камайтиради.

Шу билан бирга, мени жуда қаттиқ ташвишга соладиган ва безовта қиладиган энг оғир иллат – коррупция балосини йўқотишда ҳам самарали воситадир.

Буни барчамиз теран англаб олишимиз даркор.

Давлат ва жамият бошқаруви, ижтимоий соҳада ҳам рақамли технологияларни кенг жорий этиб, натижадорликни ошириш, бир сўз билан айтганда, одамлар турмушини кескин яхшилаши мумкин.

Мамлакатимизда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш, рақобатбардош иқтисодиётни шакллантириш борасида бошлаган ишларимизни жадал давом эттириш ва янги, замонавий босқичга кўтариш мақсадида, мен юртимизда 2020 йилга “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”, деб ном беришни, таклиф этаман”.

Давлатимиз раҳбарининг таклифи қизғин қўллаб-қувватланди.

 

«Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастури 284та банд билан тасдиқланди.

«Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида"ги Ўзбекистон президенти фармони имзоланди, деб хабар берди «Тараққиёт стратегияси» маркази директори Элдор Туляков.

Унинг айтишича, бу йилги давлат дастури 284та банддан иборат бўлиб, унда умумий қиймати 18,2 трлн сўм ва 10,3 млрд АҚШ долларига тенг лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган.

Давлат дастури лойиҳаси 320та банддан иборат ҳолда жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этилганди. Унинг доирасида жами қиймати 17,5 трлн сўм ва 9,6 млрд долларга тенг лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилганди.

«Тараққиёт стратегияси» маркази маълумотига кўра, муҳокама жараёнида аҳолидан 3162та таклиф келиб тушди. Улар бўйича ўтказилган муҳокамалар якунига кўра, лойиҳага жами 62та концептуал ва 30дан ортиқ таҳририй ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан:

  • «Mening fikrim» порталида ташаббусларни кўриб чиқиш, қабул қилиш ва рад этиш жараёнларининг очиқлигини таъминлаш;
  • судьяларни ротация қилишнинг аниқ ва шаффоф механизмини жорий этиш;
  • ташқи қарзларни олиш ва уни мақсадли сарфлаш жараёнида Олий Мажлис ролини кучайтириш;
  • «яширин иқтисодиёт» субъектларини аниқлашда жамоатчилик назорати механизмларини жорий қилиш;
  • камбағалликни аниқлаш мезонларини ишлаб чиқишда маҳаллий депутатларнинг иштирокини кенгайтириш;
  • «Китоб куни»ни белгилаш ва шу кунда республика бўйлаб оммавий ижтимоий тадбирлар ўтказиш;
  • талабалар турар жойларини қуришни давлат-хусусий шериклик асосида амалга ошириш;
  • Ўзбекистонда сейсмик хавфсизликни таъминлаш тизимини такомиллаштириш каби таклифлар дастурга киритилди.